ХИТОЙ БИЛАН ҲАМКОРЛИК

23.07.2020

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири раислигида 2020 йил 20 июль куни “Транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар” муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда аҳолига, айниқса қишлоқ аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатиш, транспорт соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва бошқа бир қанча долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш мақсадида, ташувчилар томонидан Хитой Халқ Республикаси билан янги автобуслар сотиб олиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилаётганлиги сабабли, автотранспорт соҳаси раҳбарларига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган автобусларни марказлашган ҳолда сотиб олишни ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда мамлакатимизда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиниб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сирдарё вилоят транспорт бошқармаси аҳолига автобусларда қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғуланувчи корхона рахбарларидан  Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган автобусларни сотиб олиш юзасидан ўз таклифларини бошқармага тақдим этишларини сўрайди.

Шунингдек, Сайхунобод тумани марказида қурилиши режалаштирилган “Сайхун” автостанциясини давлат-хусусий шерикчилиги асосида қуриш учун тадбиркорларни ҳамкорликка таклиф қилади.